14 Октябрь 2020
Шаҳрисабз Давлат музей қўриқхонасида сақланаётган кулолчилик буюмларининг ўзига хослиги
Ҳунармандликнинг тараққий этган турларидан бири кулоллик санъатидир.Шаҳрисабз кулоллари тупроқни асосан шаҳар атрофидан олиб келишган.
 

Шаҳрисабз кулоллари ҳам Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларидаги сингари икки тур маҳсулот ишлаб чиқарганлар: қўл меҳнатига асосланган оддий кулоллик буюмлари ҳамда шаҳар кулоллиги буюмлари.

Қўл меҳнатига асосланган оддий кулоллик буюмлари билан асосан қишлоқлар, тоғолди ҳудудларида яшовчи аҳоли шуғулланиб, аёллар кулоллиги деб аталган. Шаҳар кулоллиги кенг ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлган кулоллик устахоналаридаги кулоллик чархлари асосида кенг истеъмолчилар учун мўлжалланган ишлаб чиқаришдир. Қазишмалар вақтида XVIII - XIX асрларга оид сопол буюмлар парчалари Шаҳрисабз ва Китоб туманларининг қарийб барча жойларидан чиқди.Китоб беги Қўрғони, Ўртақўрғон, Шаҳрисабз шаҳрининг бутун ҳудудларидан ўша давр кулоллиги намуналари топилган.

 

 

Сопол идишлар сирланган ва сирланмаган гуруҳларга бўлинади. Сирланган идишларга коса, лаган, ликопча, товоқ, тоғора, чироқлар киради. Сирланган идишларга хумчалар, кўзалар, жўмракли идишлар ва тоғораларнинг бир қисми киради. Идишлар асосан оқиш, ферузаранг, сарғиш, жигарранг сир билан қопланган. “Босма” нақшлар билан идишларни безашда ушбу нақш тури турли вариантларда қўлланилган.

 

Шаҳрисабз кулоллари ўз маҳсулотларини асосан ўзлари безаганлар.Шаҳрисабз кулоллик маҳсулотлари одатда турли геометрик нақшлар ва ўсимликлар тасвири билан безатилган. Кулоллик маҳсулотлари аҳоли кундалик ҳаётида энг зарур маҳсулот турларидан бўлиб, унга эҳтиёж катта бўлган. Кулоллик буюмларининг арзонлиги, чиройлилиги, халқнинг эстетик эҳтиёжларига жавоб бериши билан аҳоли кундалик турмушининг ажралмас қисмига айланган. Лойдан ҳайвонлар шаклларини ясаш анъанаси Ўрта Осиёда жуда қадимги даврларга бориб тақалади.

 

Шаҳрисабз воҳасида ХVI аср – XX аср бошларида ҳам Ўрта Осиёда қадимдан мавжуд бўлган деярли барча ҳунармандлик турларини учратиш мумкин бўлган. Воҳа маданияти ва анъанавий санъати кўпгина ўзига хос хусусиятлари билан биргаликда бутун Ўрта Осиё маданияти ҳамда тарихий анъаналар асосида тараққий этди ва ҳозирги кунда ҳам тараққиётда давом этмоқда.Шу билан биргаликда халқ амалий санъатининг йўқолиб кетган нодир нусхалари замонавий уста – ҳунармандлар томонидан тикланмоқда.
 
                                                                                                         Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси матбуот котиби Соҳиба Очилова                                                                                                                                                                                                       
Охирги янгиланиш: 10.05.2021 | 22:26