22 Октябрь 2020
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари томонидан мурожаат эътиборсиз қолдирилмади

“Бухоронома” газетасининг 2020 йил 17 сентябрдаги 74-75-сонларида Бухоро шаҳридаги марказий маданият ва истироҳат боғи ҳудудида жойлашган, бугунги кунда қаровсиз ҳолга келиб қолган ёзги томошагоҳ ҳолати тўғрисидаги “Яшил театр кўмакка муҳтож” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда мазкур томошагоҳни таъмирлаш ва гавжум гўшага айлантириш борасидаги таклифлар илгари сурилган эди.

 

22 октябрь куни республика маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Генжаев ҳамда бошқа мутасаддилар иштирокида “яшил театр” ҳолати жойига бориб ўрганилиб, мақолада кўтарилган масалалар ўз тасдиғини топди.

Вазир ўринбосари мутасаддиларга томошагоҳда тез фурсатда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бошлаш, вилоят қўғирчоқ театри репертуаридан жой олган кичик томошалар, вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ҳамда мақом мактаб-интернатлари ўқувчилари иштирокидаги чиқишлар, бухоролик эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастурлари намойишини ташкил этишни йўлга қўйиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Бу борада вазирлик ҳам кўмакка тайёр эканлигини, пандемия оқибатлари бартараф этилгач, мазкур томошагоҳда таниқли кино ва театр намояндалари, эл севган мақом ва эстрада хонандалари билан ижодий учрашувлар, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари, турли ижодий танловлар ташкил этиш бўйича чоралар кўрилишини таъкидлади.

Охирги янгиланиш: 07.06.2021 | 17:52