23 Октябрь 2020
“HUMAN.UZ” сайтининг “utube.com”даги хабарига Маданият вазирлиги муносабати

“HUMAN.UZ” сайтининг “utube.com”даги саҳифасида 2020 йилнинг 18 октябрида Фарғона мусиқали драма театри собиқ актрисаси Малоҳат Тоированинг видеомурожаатномаси эълон қилинган. Унда билдирилишича, Малоҳат Тоирова Тошкентга мурожаат билан келган. У 35 йил давомида театрда рол ўйнаб келган. 2017 йилдан бошлаб янги раҳбарият томонидан тажрибали актёр ва актрисаларга нисбатан ҳурматсизликлар бошланади. Айнан шу йили актриса лавозимидан озод этилади. Ишдан бўшатилишига сабаб, сохта чипталар сотишни фош этгани бўлган. Анча вақтдан буён Маданият вазирининг қабулига кира олмаётганлигини айтган. Актриса Маданият вазиридан уни қабул қилишни сўраган. Театр директори томонидан бошқа актёрларга ҳам тазйиқлар давом этаётганлиги ҳақида сўз юритган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги актрисанинг мурожаатига қуйидагича муносабат билдиради:

Ҳурматли Малоҳатхон Тоирова, Сизнинг "HUMAN UZ" ахборот портали орқали Маданият вазирлиги раҳбарияти қабулига кириш ва Фарғона вилояти мусиқали драма театри раҳбариятидан норози бўлиб қилган мурожаатингиз юзасисидан қуйидагилар маълум қилинади.

Сиз билан 03.07.2017 йилда (буйруқ рақами 33-сон) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисми, 7-бандига асосан пенсия ёшига тўлганингиз ва ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқингиз мавжуд бўлганлиги сабабли иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, Маданият вазирининг қабулига кириш юзасидан қонунчиликда ўрнатилган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқунгиз мавжудлиги маълум қиламиз.

Бундан ташқари қалбаки чипталар сотилганлиги ва ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир қилганлиги ҳақидаги важингизга 28.01.2018 йилда Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 37, 83-моддаси 2-қисми ва 330, 333-моддаларига асосан Жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатилиши рад этилган.

Маълумот учун, Сиз билан бекор қилинган меҳнат шартномасидан норози бўлиб Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар кенгашига ҳамда Маданият вазирлигига 2017 йилда қилган мурожаатларингиз ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган ва меҳнат шартномаси тўғри расмийлаштирилганлиги тасдиқланган.

Охирги янгиланиш: 07.06.2021 | 17:52