23 Октябрь 2020
Маданият вазири ўринбосари “Гюрсой груп ресторасьон” компанияси вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова Туркия Республикасининг “Гюрсой груп ресторасьон” компанияси Бош директор ўринбосари Серап Кучак ва компания архитектори Урден Ўзтурк билан учрашди.

 


Учрашув жараёнида “Гюрсой груп ресторасьон” компанияси Бош директор ўринбосари Серап Кучак компания фаолияти ва унинг йўналишлари, реставрация, реконструкция қилган маданий мерос объектларида олиб борилган ишлар бўйича тақдимот ўтказди.

Бухоро шаҳридаги Арк мажмуаси, Масжиди Калон, мадрасанинг таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳани амалга ошириш ва у ердаги маданий объектларни ўрганишга масъул бўлган архитектор Урден Ўзтурк шаҳардаги моддий мерос объектларини ўрганиш жараёнида улардаги қурилишнинг иқлим ҳамда тупроқ жиҳатдан келиб чиққан ҳолда ёндошиб таъмирлаш ва тиклаш зарурлигини, объект ғиштлари, кошинларининг кимёвий таркибини синчиклаб ўрганилганлигини, тарихий ёдгорликларни асл ҳолатига келтириш учун қанча вақт сарфланиши ҳамда ишни ташкил этишда нималарга аҳамият бериш зарурлигини ишлаб чиқилган йўриқнома қўлланмаси орқали тушунтирди.

Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова “Гюрсой груп ресторансьон” компанияси томонидан таъмирланган объектлар ЮНЕСКО томонидан қай ҳолатда қабул қилиб олинганлиги, компания фаолияти билан яқиндан танишиб чиқилгач, амалга оширган ишлари маъқул келса; Самарқанддаги Бибихоним мадрасаси, Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдасини реставрация-консервация ишларига компанияни жалб этиш бўйича кенгашиб муносабат билдирилишини алоҳида таъкидлади.


Эслатиб ўтамиз, “Гюрсой груп ресторасьон” компаниясига 1998 йилда шаҳарлардаги тарихий ва маданий мерос объектларини сақлаш ҳамда қайта тиклаш мақсадида асос солинган. Компания Туркия ва жаҳон қурилиш бозорида 20 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида фаолият олиб бормоқда. Охирги ўн йил давомида компания томонидан олиб борилган таъмирлаш ишлари туфайли Туркиядаги ЮНЕСКО рўйхатига киритилган тарихий осори атиқалар сони ошди. “Гюрсой груп ресторасьон” компанияси томонидан таъмирланган ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлар рўйхатидаги 18 та тарихий объектга Каппадокия шаҳридаги тарихий бинолар, Навшаҳардаги Хуррам Миллий боғи, Сивасдаги Довруғи-Улуғ масжиди ва Доруш-уш-шифо, Эдернадаги Салимия масжиди ҳамда Истамбул шаҳридаги тарихий биноларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Шунингдек, компания томонидан Макка шаҳридаги усмонийлар сулоласи томонидан қурилган Сулаймония масжиди ҳам таъмирланган.

 

Охирги янгиланиш: 07.06.2021 | 17:52