02 Ноябрь 2020
Маданият ва санъат соҳасида креатив тадбиркорлик

Сиз креатив тадбиркорлик ҳақида эшитганмисиз? Бугунги бозор муҳитида рақобатга дош бериш осон эмас. Шу боис, тадбиркорлар маҳсулотнинг ё баҳосини арзонлаштириш ё рекламани кучайтириш эвазига ҳаридорларни жалб қилишга ҳаракат қилишади. Аммо бозорни эгаллашнинг учинчи йўли ҳам мавжуд. Бу креатив тадбиркорлик билан шуғилланиш. Ҳали ҳеч ким қўл урмаган ёинки анъанавий тадбиркорликка ўзгача ёндашув билан амалгаошириладиган ушбу йўл харидорни тез топиши ва самарадорлиги билан кўпчиликни қизиқтира олади. Айниқса, санъат ва маданият соҳасидаги креатив тадбиркорлик бугун дунё миқёсида оммалашиб боряпти. Шу боисдан, кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам иқтисодиётни яна-да ривожлантириш мақсадида замонавий ёндошувлардан бири сифатида креатив тадбиркорликка катта аҳамият бериляпти.

Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигида ҳам бу борада бир қанча ишлар амалга ошириб келиняпти. Жумладан, Вазирлик ташаббуси билан Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида "Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришда креатив тадбиркорликнинг ўрни" мавзусида илмий-амалий онлайн семинар бўлиб ўтди. Онлайн семинардан кўзланган асосий мақсад – юртимизда маданият ва санъат соҳасида тадбиркорлик субъектларининг креатив тадбиркорлик йўналишида амалга ошираётган ишларини таҳлил қилиш, муаммоларни илмий ўрганиш, шунингдек, талаба-ёшларда креатив тадбиркорлик билан шуғулланиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган илмий ва амалий тавсиялар беришдан иборат. Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси санъат ва маданият муассасалари раҳбарлари, маданият ва санъат соҳасида ижодий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хусусий тадбиркорлар, ҳунармандлар, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхона лойиҳа координатори, "OXUS Culture" жамияти, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, магистр ва талабалар иштирок этди.

Охирги янгиланиш: 10.05.2021 | 22:26