03 Декабрь 2020
Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Миллий эстрада санъатимиз асосчиларидан бири, замонавий ўзбек маданиятини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшган буюк санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамиятини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1.  Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бадиий академия, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда жамоатчилик вакилларининг 2021 йилда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқласин:

2021 йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган хотира кечасини ўтказиш;

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада олий мактабини ташкил этиш, у ерда хонанда хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини ва музейини барпо этиш; 

Бадиий академия томонидан Ботир Зокиров ҳайкалини яратиш бўйича танлов эълон қилиш ва уни Тошкент шаҳрида белгиланган тартибда ўрнатиш; 

Ботир Зокиров яшаган Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 3-уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;

Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага Ботир Зокиров номини бериш;

Ўзбекистон давлат филармониясининг Миллий эстрада-симфоник оркестри билан Ботир Зокиров номидаги эстрада оркестрини бирлаштириб, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада-симфоник оркестрини ташкил этиш;

Ботир Зокиров номидаги жамоат фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Ёзувчилар уюшмаси иштирокида “Ботир Зокиров замондошлари хотирасида” номли китобни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Ботир Зокиров ижодига мансуб тасвирий санъат намуналари ҳамда адабий асарлардан иборат китоб-альбомни ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида нашр этиш;

Ботир Зокиров номидаги замонавий эстрада қўшиқчилари танловини юқори савияда ўтказиш;

Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида янги ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси орқали Ботир Зокиров ва Зокировлар ижодий сулоласи ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмларни намойиш этиш;

республика театрларида Ботир Зокиров ҳаёти ва фаолиятига бағишланган спектакллар саҳналаштириш;

Ўзбекистон давлат консерваториясида “Ботир Зокиров ижодий меросининг миллий санъатимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш ва анжуман материалларини тўплам ҳолида чоп этиш;

таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмлар ва маҳаллаларда таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Ботир Зокиров ижодига бағишланган учрашувлар ва ижодий кечалар ташкил этиш.

Ташкилий қўмитага Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, мазкур қарор ва чора-тадбирлар дастурининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифалари юклатилсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 2 декабрь

Охирги янгиланиш: 07.06.2021 | 17:52