10 Декабрь 2020
Замонавий драматик, мусиқали драма ва қўғирчоқ пьесалари танлови якунига етди

Замонавий драматик, мусиқали драма ва қўғирчоқ пьесалари танлови якунига етди

ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИ

Ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 10 августида эълон қилинган Замонавий драматик, мусиқали драма ва қўғирчоқ пьесалари танлови якунига етди.

Мазкур танловнинг вазифаси Республикамизда фаолият юритаётган профессионал театр санъатини ривожлантириб, янги босқичга кўтариш, театрлар репертуарини бойитиб бориш учун ҳар жиҳатдан мукаммал саҳна асарлари базасини шакллантириш, мамлакатимизда ижод қилаётган драматург, ёзувчи ва шоирларни соҳага кенг жалб қилиш, ёш қаламкашларнинг ижод маҳсулларини юзага чиқариш ҳамда рағбатлантириб боришдан иборатдир.

Танловга тақдим этилган 40 дан ошиқ саҳна асарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 21 августдаги 269-сонли буйруғининг 1-иловаси Замонавий драматик, мусиқали драма ва қўғирчоқ пьесаларини танловдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талаблари асосида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий баҳолаш комиссияси томонидан кўриб чиқилди ва баҳоланди.

✅ Танлов натижаларига кўра:

Замонавий драматик йўналиши бўйича 1-ўринга муносиб асар келиб тушмади, 2-ўрин бўйича К.Ҳамроевнинг “Адолат тантанаси” ва 3-ўрин бўйича Ж.Махмуднинг “Тўғон” драмаси ғолиб деб топилди.

- Мусиқали драма йўналишига муносиб асарлар йўқлиги сабабли ўринлар белгиланмади.

- Қўғирчоқ пьесалар йўналиши бўйича 1-ўринга муносиб асар келиб тушмаган, 2-ўрин бўйича У.Усаровнинг “Хонатлас”, 3-ўрин бўйича М.Очилованинг “Ботир йигит ва Пари қиз” асари ғолиб деб топилди.

Танловда иштирок этган 30 га яқин асарлар давлат театрларида саҳналаштириш учун театрлар Бадиий кенгашида кўриб чиқиш учун тавсия этилди.

Охирги янгиланиш: 07.06.2021 | 17:52