10 Декабрь 2020
“Дебют” ёш режиссёрларнинг Республика кўрик фестивалига старт берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сон қарорига асосан ёш режиссёрлар, ёш актёр, драматург ва саҳна рассоми соҳалари бўйича ижодкорларни аниқлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш, миллий ва умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи бадиий баркамол саҳна асарлари яратишлари учун ёш ижодкорларда тажриба ва профессионал маҳоратнинг шаклланишига кўмаклашиш мақсадида ёш ижодкорларнинг “Дебют-2020” Республика кўрик-фестивалини ўтказиш белгиланган.

“Дебют” ёш ижодкорлар фестивали 2005 йилда биринчи бор ўтказилган бўлиб, шу йили 10 та, 2008 йилда 12 та, 2010 йилда 12 та, 2012 йилда 14 та, 2014 йил 10 та драматург, 5 та режиссёр, 8 та актёр, 10 та театр рассом, 2018 йилда 17 та режиссёрлар профессионал саҳнада илк маротаба щзларининг бадиий ижод намуналарини кенг жамоатчилик ва мутахассислар эътиборига ҳавола этдилар. 

Айнан ана шу ижодкорларнинг кўпчилиги ҳозирги кунда республика театрларида ўз ижодий фаолиятларини олиб бормоқдалар.

 

Ёш ижодкорларда миллий ва умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи бадиий баркамол саҳна асарлари яратишидаги тажриба ва профессионал маҳоратнинг шаклланишига кўмаклашиш фестивалнинг асосий мақсади ва вазифасига айланди 2020 йил 10-15 декабрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Дебют 2020” ёш режиссёрларнинг VI Республика кўрик-фестивалида 9 нафар иштирок танлаб олинди. Спектакллар жанр ва мавзу жиҳатдан хилма-хиллиги аҳамиятлидир. Республикада пандемия муносабати билан бу йилги кўрик-фестивал онлайн ўтказилмоқда. Бунда аввалдан ёзиб олинган спектакллар ижтимоий тармоқларга жойланади ва белгиланган кун ва вақтларда кенг жамоатчиликка тақдим этилади. Спектакллар муҳокамаси ZOOM платформаси орқали ўтказилади. 

Хайъат аъзолари кўпличининг фикрини инобатга олиб, ғолибларни аниқлайди. 15 декабрь куни Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрида ўтказиладиган “Театр санъати ривожида театршуносликнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги илмий-амалий конференциядан сўнг, ғолиблар мукофотлар билан тақдирланадилар.

Охирги янгиланиш: 07.06.2021 | 17:52