17 Февраль 2021
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” қўшиқлар танлови

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида қўшиқлар танловини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” қўшиқлар танловини (кейинги ўринларда – Танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Танлов қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

Ўзбекистон мустақиллигини тараннум этувчи бадиий етук ва бетакрор қўшиқлар яратиш;

истеъдодли композитор ва бастакорлар, шоирларни аниқлаш
ва уларнинг ижодини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча имкониятлар яратиш;

одамларнинг юрагига етиб борадиган, ёшларни эзгуликка, ватанпарварликка ҳамда уни улуғлашга чорлайдиган, уларни маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қиладиган янги асарлар яратилишини рағбатлантириш;

маданият ва санъатга ёшларнинг эътибори ҳамда қизиқишини кучайтириш, қўшиқчилик санаътининг бой, ўзига хос бадиий ва эстетик имкониятларини тараннум этиш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Телерадиокомпания ZO`R” масъулияти чекланган жамияти Танловнинг ташкилотчилари ҳисобланади.

4. Танлов уч босқичда қуйидаги саналарда ўтказилади:

биринчи босқич10 апрелгача;

иккинчи босқич – 15 апрелдан 15 майга қадар;

учинчи босқич – 15 майдан 15 июнга қадар.

5. Танловни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

2-боб. Танловни ўтказиш тартиби ва шартлари

6. Танловда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг композитор, бастакор ҳамда шоирлари иштирок этади.

7. Иштирокчилар икки тоифага бўлинади:

маҳаллий иштирокчилар – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижод қилаётган композитор, бастакор ҳамда шоирлар;

халқаро иштирокчилар – хорижий мамлакатларнинг композитор, бастакор ҳамда шоирлар.

8. Танловга юбориладиган асарлар жанри ва услуби чекланмаган.

9. Иштирокчилар томонидан Танлов давомида асар ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.

10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Танловни ўтказиш учун махсус веб-сайт
ва Телеграмм-бот ташкил этилади ҳамда унинг самарали ишлаши таъминланади.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот мультимедиа маркази” давлат муассасаси Танловнинг расмий
веб-сайти ҳамда махсус Телеграм-ботини маълумотлар билан тўлдирилишини ва янгилаб борилишини амалга оширади.

11. Иштирокчилар мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ ариза тақдим этади ҳамда ариза тартиб рақамидан келиб чиққан ҳолда танловда шахсий рақам (код)ига эга бўлади.

12. Танловда иштирокчиларнинг овқатланиш, транспорт ва яшаши билан боғлиқ сарф-харажатлар иштирокчи томонидан қопланади.

13. Танловнинг биринчи босқичида танловда иштирок этиш истагини билдирган иштирокчилар танлов учун махсус ташкил этиладиган
махсус веб-сайт ёки телеграмм-бот орқали жорий йилнинг 10 апрелга қадар ариза берадилар ва ўз асарларини тақдим этадилар.

Махсус веб-сайт ёки Телеграмм-бот орқали юборилган асарлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан жорий йилнинг 13 апрель кунига қадар кўриб чиқилади ҳамда саралаб олинади.

Саралаб олинган асарлар Танловнинг иккинчи босқичида иштирок этишга тавсия этилади.

14. Танловнинг иккинчи босқичга тавсия этилган асарлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан жорий йилнинг 15 апрелидан 15 майига қадар ҳудудларга борган ҳолда ўрганилади, танлов иштирокчилари билан танишиб, мазмунан теран, бадиий етук асарлар танлаб олинади ҳамда учинчи босқичда иштирок этишга тавсия этилади.

Иккинчи босқич – беш минтақага бўлинган ҳолда ташкил этилади
ва ўтказилади.

биринчи – Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти;

иккинчи – Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари;

учинчи – Самарқанд, Жиззаҳ ва Навоий вилоятлари;

тўртинчи – Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари;

бешинчи – Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти.

15. Танловнинг учинчи босқичи жорий йилнинг 15 майидан
15 июнига
қадар ташкил этилади ва ўтказилади.

16. Танловнинг учинчи босқичи Тошкент шаҳридаги “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтади ҳамда танлов ғолиблари аниқланади.

“Халқлар дўстлиги” санъат саройи олдидаги майдонда Давлат байроғи остида танлов ғолибларини тақдирлаш, ёпилиш маросими ҳамда ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари иштирокида гала концерт очиқ осмон остида ўтказилади.

17. Тақдим этилган мусиқий асарлар (ғоя) янги ижод қилинган (муаллифлик) бўлиши, оммавий ахборот воситалари ҳамда концерт дастурларида ижро этилмаган бўлиши шарт.

18. Танловда ғолиб бўлган асарлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг мулки ҳисобланади ҳамда мазкур асарларга муалллифлик ҳуқуқига эга бўлади.

3-боб. Ҳакамлар ҳайъати ваколатлари ҳамда баҳолаш
мезонлари

19. Ҳакамлар ҳайъати таркиби Ижодий-ишчи гуруҳи томонидан шакллантирилади ҳамда тасдиқланади.

20. Ҳакамлар ҳайъати таркибига таниқли санъаткорлар, хонандалар, бастакорлар, шоир ва мусиқий сайқал берувчилар, маданият ва санъат вакиллари киритилиши мумкин.

21. Иштирокчилар 10 баллик тизимда қуйидаги тартибда баҳоланади:

Ҳакамлар ҳайъати – 70 фоиз;

тингловчи ва томошабинлар – 30 фоиз.

22. Иштирокчилар томонидан қўшимча балл танлов тингловчи
ва томошабинлари томонидан иштирокчи код (рақами)ни танловнинг махсус рақамига смс орқали юбориш орқали тўпланиши мумкин.

23. Ҳар бир йўлланган смс 0,001 баллни ташкил этади ҳамда юборилган смслар сони электрон ҳисоблаш орқали теле-лойиҳанинг эфирга узатилиши вақтида кўрсатиб турилади.

24. Танлов иштирокчиларини баҳолаш жараёнида Ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган баллар муҳокама этилмайди ҳамда қўйилган балл учун изоҳ берилмайди.

25. Иштирокчиларни баҳолашда Ҳакамлар ҳайъатига иштирокчи
ва асар муаллифи тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмайди.

26. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни шахсий рақам (код)ига қараб баҳолайди.

27. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларга чиқишлари юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини беришлари мумкин.

28. Танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган асарларнинг танлов шартларига тўла жавоб бериши, мазмунан бой эканлиги, миллий
ва замонавий ижро услубларини ўзида мужассам этганлиги, куй ва матн уйғунлиги, жанр, услублари Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.

29. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга қўйилган баллар уч нусхада баёнлаштирилади ҳамда Ташкилий қўмита томонидан сақланади.

30. Иштирокчи томонидан танловнинг ўтказилиши даврида мазкур Низом талабларини бузиш ҳолатлари аниқланса (хабардор этилса) қатнашчи Ташкилий қўмитани огоҳлантирган ҳолда Ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан танловдан четлаштирилади.

 

4-боб. Ғолибларни тақдирлаш тартиби ва танловни молиялаштириш манбалари

 

31. Танлов ғолибларини аниқлаш Ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан амалга оширилади.

32. Ғолиблар қуйидаги тартибда тақдирланади:

“Гран-при” – базавий ҳисоблаш миқдори (кейинги ўринларда – БҲМ)нинг 500 баробари;

битта биринчи ўрин – БҲМнинг 400 баробари миқдорида пул мукофоти, диплом, статуэтка;

иккита иккинчи ўрин – ҳар бирига БҲМнинг 300 баробари миқдорида пул мукофоти, диплом, статуэтка;

учта учинчи ўрин – ҳар бирига БҲМнинг 200 баробари миқдорида пул мукофоти, диплом, статуэтка.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан “Энг ёш хонанда”, “Томошабинлар эътирофи”, “Санъат фидойиси”, “Энг яхши шеър муаллифи”, “Энг яхши бастакор (композитор)” каби қўшимча номинациялар жорий этилиши ҳамда муносиблар тақдирланиши мумкин.

33. Ғолибларга бериладиган пул мукофотлари иштирокчиларнинг Ташкилий қўмита томонидан банк пластик карталарига ўтказиб берилади ёки банк чекида тақдим этилади.

34. Ғолибларга топширилган пул мукофотлари иштирокчилар (композитор ёки бастакор ва шоир) ўртасидан тенг тақсимланади.

35. Қуйидагилар Танловни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5-боб. Якунловчи қоидалар

36. Иштирокчилар маҳаллий суғурта компаниялари томонидан берилган ихтиёрий тиббий суғурта полисига эга бўлишлари мумкин.

37. Мазкур Низомга Ташкилий қўмита томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин.

Охирги янгиланиш: 10.05.2021 | 22:26